- Тошкентдан гапирамиз
- 09.07.2026, 16:22
Шаҳар жамоат транспорти янада қулай ва замонавий бўлади
Ўзбекистонда шаҳар йўловчи транспорти тизимини такомиллаштириш, йўловчилар учун қулайликларни ошириш ва замонавий автобуслар харидини рағбатлантириш бўйича янги чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 3-июндаги 276-сон қарорига мувофиқ, мунтазам шаҳар автобус йўналишларида йўловчи ташиш фаолиятини янада ривожлантириш, замонавий ва экологик талабларга жавоб берадиган транспорт воситаларини олиб кириш, шунингдек, соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалдаги қонунчиликка мослаштириш кўзда тутилган.
Қарорга кўра, ҳайдовчи билан бирга 60 нафар ёки ундан ортиқ йўловчи ташишга мўлжалланган, «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган янги автобус, электробус ва троллейбусларни 2027-йил 31-декабргача Ўзбекистонга олиб киришда утилизация йиғимининг нол ставкаси қўлланади. Бу эса тадбиркорлик субъектлари учун замонавий жамоат транспорти воситаларини харид қилишда қўшимча имконият яратади.
Шунингдек, 2026-йил 1-сентабрдан бошлаб брутто-шартнома асосида ташкил этилган мунтазам шаҳар автобус йўналишларида йўлкира ҳақини тўлаш тартиби янада аниқ белгиланади. Йўловчилар автобусга чиқиш вақтида транспорт картасини валидаторага теккизиш орқали ёки банк картаси, смартфон ва бошқа контактсиз электрон тўлов воситалари ёрдамида йўлкирани тўлаши мумкин бўлади.
Бунда NFC, QR, биометрик, BLE, UWB каби замонавий технологиялар орқали тўловни амалга ошириш имкониятлари ҳам назарда тутилган. Ижтимоий ёки транспорт картаси орқали имтиёзли ва бепул юриш ҳуқуқини тасдиқлаш тартиби ҳам сақланади.
Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати — жамоат транспортида тўлов интизомини кучайтиришдир. Белгиланган тартибга кўра, йўловчи автобусга чиқиш вақтида йўлкира ҳақини тўламаса ёки имтиёзли юриш ҳуқуқини тасдиқламаса, у чиқасиз юрган деб ҳисобланади.
Бундан ташқари, Транспорт вазирлигига тегишли ташкилотлар билан биргаликда пойтахт жамоат транспорти ва шаҳар атрофидаги темир йўл қатновларида йўлкира ҳақини тўлашнинг интеграциялашган тизимини жорий этиш вазифаси юклатилган. Бу жараёнда «электропоезд–автобус» ва «электропоезд–метро» йўналишларида жозибадор тариф режаларини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.
Қарорда шаҳар автобус йўналишлари билан боғлиқ айрим меъёрлар ҳам аниқлаштирилмоқда. Жумладан, шаҳардан ташқарига маълум масофагача чиқадиган айрим йўловчи ташиш йўналишларини шаҳар ички автобус йўналишлари тоифасига киритиш белгиланган. Бу шаҳар атрофида яшовчи аҳолининг кундалик қатновини қулайлаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мунтазам шаҳар автобус йўналишларида белгиланган меъёрий иш вақтидан ортиқ ишлаётган ҳайдовчиларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш ҳамда иш вақти нормаларини қонунчиликка мувофиқ таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Мазкур қарор жамоат транспорти тизимини босқичма-босқич замонавийлаштириш, йўловчилар учун қулай ва шаффоф тўлов механизмларини кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш ҳамда экологик тоза транспорт воситалари улушини кўпайтиришга хизмат қилади.
🌿Маҳаллада 2 200 метр суғориш тизими ўрнатилиб, 1 та қудуқ қазилди ва ишга туширилди. 4 600 кв. метр яшил ҳудуд барпо э...

15 июль ойда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комисс...

👍 Учтепа туманида ҳудуддаги мавжуд ҳамда янги ташкил этилаётган мавзелар ва географик объектлар номларини қонунчилик та...

Мирзо Улуғбек тумани Мустақиллик шоҳ кўчасида йўл инфратузилмасини яхшилаш, транспорт оқимини тартибга солиш ҳамда жамоа...